Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида жорий йилнинг 9 ойида жами 2500 дан ортиқ беморда юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари муваффақиятли тарзда ўтказилди. Натижада пойтахтдаги ва хорижий давлатлардаги клиникаларга бўлган мурожаатлар сони 80 фоизга камайди. Филиалда айни пайтгача республикамизнинг бошқа вилоятлари аҳолисидан ташқари Тожикистон, Афғонистон ва Туркия фуқаролари ҳам дардларига шифо топишди. Шу тариқа бу ерда ички ва ташқи тиббий туризм бўлими фаолиятига асос солинди. Швейцария, Россия, Германия, Польша ва Грузия давлатларининг нуфузли клиникалари билан ҳамкорликда мунтазам равишда юқори технологияли кардиожарроҳлик амалиётлари, маҳорат дарслари йўлга қўйилди. Филиал поликлиникаси бугунги кунда тўлиқ электрон поликлиника шаклида фаолият юритмоқда.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали биноларини таъмирлаш, беморларга ва уларнинг яқинларига қўшимча қулайликлар яратиш учун жами 800 миллион сўм маблағ сарфланди. Мобиль маммограф, тегишли реактивлар тўплами ва бошқа бир қатор ускуна ва дори-дармонлар учун маҳаллий бюджетдан жами 6 миллиард 705 миллион сўм ажратилди. Жорий йилда шифохона ҳаётида ўта муҳим янгилик содир бўлди. Ислом тараққиёт банки инвестицияси асосида онкологияда ноёб ҳисобланган масофавий нур-терапия ва брахиотерапия ускуналари олиб келиниб, ўрнатилди.
Вилоятнинг Ғузор ва Касби туманлари ҳамда Шаҳрисабз шаҳрида туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир юрак-қон томир касалликлари марказлари ташкил этилмоқда. Ушбу марказлар 34 хил турдаги, жами қиймати 4,3 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланиши, шунингдек, мазкур муассасаларда гемодиализ хизмати йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Вилоятда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг 6 та минтақавий филиали ташкил этилган. 2022 йилда яна 5 та шундай филиал очилиши мўлжалланмоқда.
2022 йилда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида Оналар ва болалар репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш кластери ташкил этилади. Мазкур кластер замонавий ва юқори технологияли асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади. Унда ҳомиладор ва фертил ёшидаги хотин-қизларга, 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларга барча йўналишлар бўйича замонавий ихтисослашган ва юқори малакали тиббий хизматлар кўрсатилади. Хусусан, эҳтиёждан келиб чиқиб, мавжуд имкониятларни инобатга олган ҳолда неонатал кардиохирургия, болалар онкогематология бўлимлари ташкил этилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантириш, бу каби тиббиёт муассасаларининг аҳолига юқори технологияли сифатли тиббий хизматлар кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, тизимга хориждан инвестициялар ва юқори малакали мутахассислар жалб этишни кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода 2017-2021 йилларда вилоят бўйича 312 янги хусусий тиббиёт муассасаси очилиб, уларнинг сони 558 тага етказилди. Айни пайтда мазкур муассасалардаги ўринлар сони 2885 тани ташкил этади. Уларда 1142 нафар шифокор, 1676 нафар ўрта тиббиёт ходими ва 640 нафар бошқа ходимлар фаолият юритиб келмоқда.
Хусусий сектор билан ҳамкорликни ривожлантириш учун 3 та давлат- хусусий шерикчилик лойиҳаси амалга оширилиб, 35 та аутсорсинг ва 73 та ижара шартномаси имзоланди. 2022 йилда эса хусусий тиббиёт муассасаларининг сони 580 тага етказилиб, 451 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. 2026 йилнинг охиригача бундай шифо масканларининг сони 700 тадан ошиши, уларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари сони 5000 нафардан ортиқ бўлиши кутилмоқда.
Вилоят ҳудудида юрак-қон томир, нафас ва сийдик йўллари касалликлари сони юқорилиги сабабли кейинги 5 йилда айнан ушбу йўналишларда 7 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, кейинги йилларда тиббиётда чуқур билимга эга кадрларни замонавий таълим стандартлари асосида тайёрлаш, ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт олий таълим муассасалари сони ошиб бормоқда. Буни биргина вилоятимизда Қарши давлат университетида очилган тиббиёт факультети мисолида айтиш мумкин.
Албатта, бу ижобий ўзгариш ва янгиланишлар мамлакатимиз тиббиёт тизимида малакали кадрлар сони ва сифатини яхшилаш, олис ва чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини етук мутахассислар билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.