Вазирнинг биринчи ўринбосари аввало Чироқчининг янги туман ташкил этилиши мўлжалланган Кўкдала ҳудуди, сўнг Ғузор туманидаги тиббиёт муассасаларида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Ғузордаги Янгикент маҳалласида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг янги, махсус жиҳозланган мобиль поликлиникаси иштирокида ташкил этилган тиббий кўрик жараёнида иштирок этди.
Қарши шаҳридаги “IT-технопарк” биносида ўтказилган йиғилишда А.Иноятов воҳамиз тиббиёт ходимларини куни кеча нишонланган Тиббиёт ходимлари куни билан табриклади, бир гуруҳ тиббиёт фидойиларига вазирликнинг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони ҳамда Фахрий ёрлиқларини топширди.
Шундан сўнг у янгаланаётган давр тиббиёт ходимлари олдига қўяётган янги вазифалар хусусида батафсил тўхталди, зарур тавсияларни берди.
-Ислоҳотлар тиббиётнинг бирламчи бўғинидан профессионалликни, ўрта бўғин муассасалари вакилларидан фидокорликни, ихтисослаштирилган марказлар ходимларидан садоқатни талаб этмоқда, – деб таъкидлади А.Иноятов. – Бугун масалан, Чироқчи ё Миришкорнинг олис ҳудудида яшаётган чорвадор ёки деҳқон малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлиш учун молини сотиб, пулини белига тугиб, нажот истаб, пойтахтга қараб отланмаслиги зарур. Энг замонавий тиббий ускуналар, хорижлик ҳамкасблари билан беллаша оладиган малакали мутахассислар, улар томонидан кўрсатиладиган давр талабларига мос хизматлар, юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари… – буларнинг барчаси вилоятларнинг ўзида ҳам бўлиши зарур. Юртимизда бунинг учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Фақат янгича дунёқараш, янгича фикрлаш билан халқимизни рози қилишга астойдил ҳаракат қилишимиз лозим.
А.Иноятов республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалининг фидойи ва ташаббускор жамоаси томонидан бу борада амалга оширилган хайрли ишларни алоҳида эътироф этиб, шифохона вакилларига ўз миннатдорлигини билдирди.
Йиғилишда мутасаддиларнинг мавзуга оид таклиф ва мулоҳазалари тингланди, галдаги вазифалар белгилаб олинди.