Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида Швейцариянинг Цюрих университети шифохонасидан келган келган кардиожарроҳ, профессор Тери Каррил, кардиожарроҳ Юри Сромиски ва электрофизиолог Александр Брейтенштейн билан ҳамкорликда бир қанча юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлари амалга оширилди.
Яқинда филиалда юракнинг мураккаб ритм бузилишларида электрофизиологик текширув ва радиочастотали аблация ўтказиш учун станция ўрнатилган эди. Мазкур станция орқали дастлабки амалиётлар швейцариялик электрофизиолог Брейтенштейн билан биргаликда бажарилди. Натижада 8 нафар бемор ўзини узоқ йиллардан бери қийнаб келган оғир дард – тахикардиядан халос бўлди.
Шу билан бир қаторда швейцариялик малакали мутахассислар билан бирга очиқ турдаги мураккаб 10 та жарроҳлик амалиёти ташкил этилди. Жумладан, “юрак туғма нуқсони, очиқ артериал йўлак (Баталлов йўли – 2 сантиметр)” ташхисли беморнинг ўпка артерияси босими жуда юқори бўлганлиги сабабли бир қанча шифохоналардаги мутахассислар жарроҳлик амалиёти ўтказишга жазм қила олишмаган эди. Филиал мутахассислари хорижлик ҳамкасблари билан бирга бу операцияни муваффақият билан адо этишди.
Қайд этиш жоизки, филиалнинг хорижий алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида бу ерда Швейцария, Россия, Грузия, Арманистон сингари хорижий давлатларнинг нуфузли кардиожарроҳлари билан ҳамкорликда маҳорат дарслари ва ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
-Президентимизнинг кардиология соҳасига қаратаётган юксак эътибори бизни янги ютуқлар сари ундамоқда, – дейди филиал директори, тиббиёт фанлари доктори Набижон Йўлдошев. – Биргина жорий йилнинг ўзида 20 та маҳорат дарси ташкил этилиб, 200 га яқин беморда юқори технологияли амалиётлар муваффақиятли бажарилди.
Куни кеча давлатимиз раҳбари эълон қилган янгиланишлар, хусусан, марказ филиалларида кўрсатиладиган хизматлар сонининг 35 тагача етказилиши, республика даражасида амалга ошириладиган барча амалиётлар вилоятнинг ўзида йўлга қўйилиши, филиалларнинг замонавий ангиограф билан таъминланиши ҳақидаги хушхабарлар бизни жуда қувонтирди. Бунга жавобан фаолиятимизни янада такомиллаштиришга, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга, умуман, одамларни рози қилиб ишлаш борасида барча имкониятларни ишга солишга астойдил ҳаракат қиламиз.