Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга охирги 20 кун давомида онлайн қабул орқали мурожаат қилган фуқароларнинг 112 нафари тиббий муаммолари масаласида ёрдам сўраганлар. Вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари томонидан мазкур муаммоларга тезкор ечим топилмоқда.
-Хусусан, мурожаат қилган фуқароларнинг 89 нафари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Дилором Алиқулова. – 12 нафари республиканинг нуфузли клиникаларига имтиёзли ордер билан таъминланди, 7 нафар бемор ордер учун навбатга қўйилди.
Қарши туманилик 1-гуруҳ ногиронлиги бор шахс Аслиддин Бозоров – мана шундай кўмакдан баҳраманд бўлиб, айни пайтда пойтахтдаги нуфузли тиббиёт муассасасида даволанаётган фуқаролардан бири.
-Жигаримдаги ва қизилўнгачимдаги хасталикларим сабаб бу йил тўртинчи марта даволанишимга тўғри келаяпти, – дейди у. – Вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ҳар сафар имтиёз асосида даволанишимни ташкил қилиб беришаяпти. Айни пайтда Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникаси жарроҳлик бўлимида навбатдаги жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўраяпмиз. Бизни қўллаб-қувватлаганлардан миннатдорман!
Маълумотларга кўра, тиббий кўрикдан ўтказилган фуқаролардан 43 нафарига вилоят шифохоналарида амбулатор ва стационар ёрдам кўрсатилди, 17 нафари имтиёзли йўлланма билан таъминланди.
-Вилоят ҳокимига онлайн қабул пайтида турмуш ўртоғим Мамадазиз Ҳусиновнинг жигарини даволатишда ёрдам сўраб мурожаат қилган эдим.- дейди миришкорлик Нурия Ражабова. – Айни пайтда турмуш ўртоғим имтиёзли ордер асосида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаяпти. Шароитлар етарли, шифокорларимиз барча имкониятларни яратиб беришаяпти.
-Яқинда аравачага ўтириш пайтида йиқилиб, жароҳат олгандим, – дейди чироқчилик 1-гуруҳ ногирони Нодира Янгибоева. – Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида имтиёз асосида даволанаяпман. Масъулларга, тиббиёт ходимларига минг раҳмат!
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида даволанаётган ғузорлик Хуррам бобо Зираевнинг ҳам миннатдорчилиги чексиз.
-Мен Президентимиздан, вилоят ҳокимлиги раҳбариятидан беҳад миннатдорман, – дейди отахон.- Бундан икки йил муқаддам оғир юрак жарроҳлик амалиётини ўтказганман. Иккинчи гуруҳ ногирониман. Айни пайтда имтиёзли йўлланма асосида шу шифохонада даволанаяпман. Шароитлар – муолажалар, дори-дармон, озиқ-овқат, ҳаммаси Тошкентникидан асло кам эмас. Ордерсиз бунча даволанишлар чиқимини кўтариш жуда қийин эди. Шундай имкониятларни яратиб бераётганлар барака топишсин!
Худди шундай тарзда мурожаат қилган фуқароларнинг 19 нафарига вилоятимиздаги шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларидаги шифо масканларида имтиёзли ёрдамлар кўрсатилиб, дори-дармонлар ажратилди. 4 нафарнинг беморнинг даволаниши ва жарроҳлик амалиёти харажатлари маблағи масаласида вилоят ҳокимлигига хат киритилди.
Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг барчаси, албатта, халқимизга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш, одамларни рози қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашдан иборат. Бу йўналишдаги амалий ёрдам тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.