Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида “Халқ дарди билан яшайлик!” шиори остида хайрия тадбири ташкил этилди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд фуқароларга юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев томонидан “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан мураккаб кардиологик жарроҳлик амалиёти ўтказилиши белгиланган 17 нафар фуқаро учун ажратилган жами 495 миллион сўм маблағ ажратилганлиги маълум қилинди.
Мазкур беморларнинг айримлари эҳтиёжманд, “Темир дафтар”га киритилган, бошқалари эса ногиронлиги бор шахслар ҳисобланади. Улар узоқ йиллар давомида юрак билан боғлиқ оғир хасталиклардан азият чекиб келишган. Ўтказилиши зарур бўлган мураккаб жарроҳлик амалиётлари харажатлари учун маблағ топишда муаммоларга дуч келишган. Вилоят ҳокимининг онлайн мурожаатлар манзилига мурожаат қилганларидан сўнг мазкур муаммонинг ечими топилди. Ўртача 20 миллиондан 35 миллион сўмгача баҳоланадиган мазкур операцияларнинг барча харажатлари вилоят ҳокимининг ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” жамғармасидан қопланадиган бўлди. Шу тариқа мазкур маблағлар ҳисобидан 17 нафар беморда клапан протезлаш, окклюдер имплантацияси, коронарография стентлаш, аортакоронар шунтлаш сингари юқори технологияли, мураккаб операциялар амалга оширилади.
Масалан, Косон туманилик бемор, 53 ёшли Шоира Мўминова сурункали юрак ревматик касаллигидан азоб чекиб келмоқда. Унинг юрагида клапан алмаштирилиши зарур. Операция нархи эса 35 миллион сўм туради. Тез орада аёл бу оғир дарддан фориғ бўлиб, оиласи бағрига соғ-саломат қайтади.
-Вилоятимиз ҳокимидан, саховатпеша инсонлардан миннатдорман, – дейди у. – Қутлуғ Рамазон ойида бу саховат ёрдамини ташкил қилганлар учун дуодамиз.
Чироқчилик 64 ёшли Тўра бобо Худойбердиевни ҳам шу сингари хасталик узоқ йиллардан бери қийнаб келади. Отахон II гуруҳ ногирони, “Темир дафтар”га киритилган. Энди унда ҳам 35 миллион сўмлик жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Харажатлар жамғарма ҳисобидан қоплаб берилади.
Вилоят ҳокими тадбирдан сўнг филиалда даволанаётган бир гуруҳ беморлардан ҳол-аҳвол сўраб, уларга шифо тилади. Шифохона фаолияти билан танишди.
Шу ўринда қайд этиш зарурки, дунё тажрибасида ҳудудда тиббиёт ривожи даражасига у ерда кардиохирургия қай даражада ташкил этилганлиги ҳамда кардиологик тиббий ускуналар билан қай тарзда таъминланганлиги билан баҳо берилади. Вилоятимизда эса бу борада бир қатор диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.
Замонавий ва ноёб тиббий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали 2018 йилда ўз фаолиятини бошлаган эди. Филиал 120 ўринли бўлиб, бу ерда дунёда энг янги ташхислаш ва даволаш ускуналари мавжуд.
Филиалда ҳозирда Германия, Россия каби давлатларда таҳсил олган малакали шифокорлар иш олиб бормоқдалар. Бу ерда нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари, шунингдек, қўшни давлатлардан келган беморлар ҳам даволанмоқда. 2021 йилнинг 1-чорагида бу ерда 500 яқин беморда очиқ турдаги кардиожаррохлик амалиёти амалга оширилди, 100 яқин беморда юрак туғма нуқсони бартараф этилди. 1500 яқин беморга стационар шароитда хизмат кўрсатилди. Филиалда Германия, Швейцария ва Россиянинг нуфузли клиникалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Мазкур ҳамкорлар билан биргаликда юқори технологияли мураккаб операциялар амалга оширилмоқда, соҳанинг долзарб муаммоларига доир илмий-амалий анжуманлар ташкил этилмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш зарурки, айни пайтда Касби, Ғузор туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида қўшма шикастланишлар ва ўткир юрак-қон томир касалликлари бўйича туманлараро марказлар фаолияти ҳам йўлга қўйилмоқда.