Бугун мазкур муассасада хорижлик мутахассислар иштирокида бошланган икки кунлик илмий-амалий семинарда филиал директори, тиббиёт фанлари доктори Набижон Йўлдошев, РИКИАТМ маслаҳатчиси, академик Равшанбек Қурбонов, Швейцариянинг Цюрих университети госпитали кардиохирургия департаменти раиси, профессор Паул Роберт Фогт ва Россия Федерациясининг Красноярск шаҳридаги Юрак-қон томир хирургияси федерал маркази вакили, профессор Видади Эфендиев томонидан тегишли ҳамкорлик келишувлари имзоланди.
– Шу пайтгача Ўзбекистон пойтахтида ҳамкорлик доирасида бир қатор хайрли тадбирларни амалга оширдик, – дейди профессор Паул Роберт Фогт. – Бу ҳамкорлигимиз ҳудудларда, хусусан, Қаршида давом этаётганидан мамнунмиз. Ўзаро тажриба алмашинувимиз барчамиз учун манфаатли ва бардавом бўлишига ишонаман.
Шундан сўнг “Халқаро тажриба асосида кардиохирургия ёрдами сифатини ошириш” мавзусидаги илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Семинар доирасидаги маърузаларда кардиологиянинг бир қатор долзарб муаммолари, хусусан, юрак-ишемик касалликларни ташхислаш ва даволаш, бу борада эндоваскуляр ва жарроҳлик услублари, коронавирус эпидемияси даврида кардиохирургия, шунингдек, юрак ритмининг бузилиши ва унинг асоратлари сингари мавзулар қамраб олинди.
– Семинарда маҳаллий мутахассисларимиз кардиология, кардиожарроҳлик ва аритмология борасидаги илғор тажрибалар бўйича бир қатор маълумотлар олишди, – дейди филиал директори, тиббиёт фанлари доктори Набижон Йўлдошев. – Ўйлаймизки, бу тажрибалар ва йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари тадбиримизнинг барча иштирокчилари фаолиятида, хусусан, вилоятимизда кардиология хизмати самарадорлигини оширишда жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда ҳамкорлигимиз натижасида келгусида қашқадарёлик кардиологлар хорижнинг нуфузли клиникаларида малака ошириш, телемедицинани ривожлантириш имконига эга бўлишади.
Тадбир давомида хорижлик мутахассислар иштирокида филиал каридиожарроҳлари учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилмоқда.