Литва Республикасининг озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва умумий овқатланиш хизмати билан шуғулланувчи «Handelshus» ёпиқ акционерлик жамияти вакиллари Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида бўлишиб, аутсорсинг асосида беморларни озиқ-овқат билан таъминлаш тизими билан танишишди.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Равшан Тўлаков ва филиал директори Набижон Йўлдошев хорижлик меҳмонларни шифохона ошхонасидаги шарт-шароитлар ва Қарши шаҳридаги “Соҳибқирон” хусусий корхонаси томонидан кўрсатилаётган аутсорсинг хизмати билан таништиришиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришди.
– Шифохона ошхонасидаги шароитлар бизга жуда манзур бўлди, – дейди «Handelshus» вакили Ирмантас Норкус. – Ташкилотимиз томонидан Ўзбекистон, хусусан, вилоятиингизда тиббиёт ва таълим муассасаларига аутсорсинг асосида умумий овқатланиш соҳасидаги хизматларни кўрсатиш бўйича имкониятлар ўрганилмоқда. Ўйлаймизки, келгусида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини давом эттирамиз.
Хорижлик меҳмонларнинг қайд этишларича, мавжуд бозор етарлича таҳлил этилганидан сўнг келгусида улар томонидан воҳамизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхонага асос солиниши мумкин.